Юнусобод туманидаги Muhteshem Doner ресторанида 23 киши, дастлабки маълумотга кўра, соусдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилди. СЭС уларнинг 13 нафарига уйга жавоб берилгани, қолган 10 кишининг аҳволи қониқарли эканини билдирди. Ресторан вақтинча ёпилди, Бош прокуратура текширув ўтказмоқда.
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги боғчада 2 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилди. Текширув ишлари бошланди.
Бухоро вилоятидаги тўйда 53 киши, жумладан, 13 нафар бола заҳарланди.
Сариосиё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 32 нафар ўқувчи овқатдан заҳарлангани айтилмоқда. Ҳозирда уларнинг аҳволи қониқарли бўлиб, ўқув машғулотларига қайтгани маълум қилинди.
Ўзбекистонда 8 ой давомида 414 киши овқатдан заҳарланди, уларнинг 2 нафари вафот этди. Касалланганларнинг 81 нафарида ботулизм аниқланди. СЭС раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков бундай ҳолатлар боғчаларда кўпроқ кузатилаётганинни қайд этди.
Ангрен шаҳридаги 10-сонли боғчадан 24 нафар бола овқатдан заҳарланиш билан шифохонага ётқизилди, яна 7 нафарига тиббий ёрдам берилиб, уйига жўнатилди. Аввалроқ 14 нафар бола шифохонага ётқизилгани хабар қилинганди. Боғча вақтинча ёпилди. Шифокорлар 240 нафар болани кўрикдан ўтказди.
Ургутдаги тўйда қатнашган 42 нафар фуқаро майонезли салат истеъмол қилиб, заҳарланди. Салатлар тўйдан бир кун аввал тайёрлангани ва музлатгичда сақланмагани аниқланди.
Уйчи туманидаги «Гулшан» оилавий боғчасида 15 нафар бола туғилган кун учун олиб келинган тортдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг хабар беришича, ҳозирда болаларнинг ҳаммаси соғлом ва улар яна боғчага қайтарилган.
Жиззах шаҳридаги ошхоналарнинг бирида таомланган 57 киши заҳарланиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилди. Уларнинг 11 нафарига ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилди, 46 нафарининг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда. Прокуратура ҳолатни ўрганяпти.
Ўзбекистонда 2023 йилнинг ўтган даврида 107 нафар фуқаро овқатдан заҳарланган (22 нафари болалар), 2 бемор вафот этган. Заҳарланишлар энг кўп уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиққан.
Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида бир оиладан тўрт киши ҳалок бўлди, яна уч нафари касалхонага ётқизилди. Ўлим сабаби озиқ-овқат ёки ис газидан заҳарланиш бўлиши мумкин. Текширув учун овқат қолдиқларидан намуналар олинди.
Қўшработ туманида бир оиланинг 5 аъзоси ботулизмга чалиниб, уларнинг 2 нафари вафот этганди. Аниқланишича, улар уй шароитида тайёрланган помидор-бодринг тузламасидан заҳарланган.
Пойтахтдаги қурилиш фирмаларининг бирида 20 нафар ишчи овқатдан заҳарлангани аниқланди. Улар тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага олиб борилган. СЭС хабарига кўра, ҳозирда беморларнинг аҳволи қониқарли.
Август-сентябрь ойларида республика бўйлаб жами 36 нафар боғча боласи турли хил касалликлар билан касалхонага ётқизилди. МТВ бу каби ҳолатларнинг барчасини тегишли хулосасиз овқатдан захарланиш деб бўлмаслигини қайд этди. Вазирлик журналист ва блогерлардан тўғри ахборот тақдим этишни сўрамоқда.
Тармоқларда Кармана туманидаги 6-сонли МТТда болалар оммавий заҳарлангани айтилмоқда. 10 нафар тарбиячи туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган. Вилоят прокуратураси ҳолат бўйича терговга қадар текшириш бошлангани маълум қилди.
Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида 37 киши «нонбургер» дан заҳарланди. Уларнинг 17 нафари шифохонага ётқизилди.
Самарқандда хонадонлардан бирида туз ўрнига натрий нитрат сепилган товуқ кабобни истеъмол қилган 15 киши заҳарланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг